ГЕРМАНИЯДА ЎТА ЎНГ КУЧЛАРНИНГ ЮКСАЛИШИ НИМАЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?
Xabar.uz
0:00 / 0:00
ГЕРМАНИЯДА ЎТА ЎНГ КУЧЛАРНИНГ ЮКСАЛИШИ НИМАЛАРГА САБАБ БЎЛАДИ?
8 244 просмотра · 6 ч назад
Xabar.uz
236 тыс. подписчиков
8 244 просмотра · 6 ч назад
Ўта ўнгчи «Германия учун муқобил» партиясининг Заксен-Анхальтдаги ғалабаси Германия сиёсатини янги синов қаршисида қолдирди. Ўта ўнгчи «Германия учун муқобил» партияси Заксен-Анхальтда беш йил ичида сайловчилар қўллаб-қувватловини икки баробардан зиёд ошириб, илк бор Германия федерал ерларидан биридаги сайловда ғалаба қозонди. Бу натижа Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўта ўнг кучларни ҳокимиятдан четда сақлаш тамойили асосида шаклланган Германия сиёсатини янги синов қаршисида қолдирди.
Германиянинг шарқий қисмида жойлашган Заксен-Анхальт федерал еридаги сайлов натижалари мамлакат сиёсатининг янги даври бошланаётганидан дарак бериши мумкин. Ўта ўнгчи партия сифатида таърифланаётган «Германия учун муқобил» партияси овозларнинг 43,8 фоизини қўлга киритиб, федерал ер сайловларида ўз тарихидаги энг юқори натижага эришди. Партиянинг 2021 йилда 20,8 фоиз бўлган қўллаб-қувватлови беш йил ичида икки баробардан зиёд ошди. Бу эса Германияда узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган ўта ўнг кучларнинг юксалишини янги босқичга олиб чиқди. Сайловнинг яна бир муҳим жиҳати — марказчи сиёсатдаги жиддий йўқотиш бўлди.
2002 йилдан бери Заксен-Анхальтда ҳокимиятда бўлиб келган Христиан-демократик иттифоқнинг овоз улуши 37,1 фоиздан 17,2 фоизга тушиб кетди. Федерал канцлер Фридрих Мерц бошқараётган партия сайлов округларидаги тўғридан-тўғри сайланадиган депутатлик ўринларининг барчасини ҳам ушбу партияга бой берди. Бироқ сайловни катта фарқ билан биринчи ўринда якунлаган «Германия учун муқобил» партияси якка ўзи ҳукумат тузиш учун зарур бўлган кўпчилик овозга эриша олмади. Партия 83 ўринли федерал ер парламентида 39 та депутатлик ўрнини қўлга киритди. Ҳукуматни якка ўзи шакллантириш учун эса 42 та ўрин керак.
Бошқа партияларнинг «Германия учун муқобил» партияси билан коалиция тузишга рози эмаслиги эса федерал ерда ҳукумат қандай шакллантирилиши масаласини кун тартибига олиб чиқди. Сайлов натижаларини янада эътиборли қилган жиҳатлардан бири — «Германия учун муқобил» партиясини қўллаб-қувватлаш муайян ёш гуруҳи билан чекланиб қолмагани бўлди.
Сайлов участкасида овоз бериб чиққан сайловчилар ўртасидаги сўров натижаларига кўра, «Германия учун муқобил» партияси 18 ёшдан 69 ёшгача бўлган барча сайловчилар гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган. Партиянинг овоз улуши 35–44 ёшлилар орасида 53 фоизга, 45–59 ёшлилар орасида эса 52 фоизга етган. Шундай қилиб, масала энди фақат «Германия учун муқобил» партиясининг юксалиши ҳақида эмас. Германия сиёсий тизими бу юксалишга қандай жавоб бериши ҳақидаги баҳслар ҳам тобора чуқурлашмоқда.
«Германия учун муқобил» партияси энди фақат норозилик партияси эмас
Аввало, «Германия учун муқобил» партияси овозларини беш йил ичида икки баробардан зиёд оширганининг ортида ягона сабаб йўқ. Тартибсиз миграция, иқтисодий турғунлик, энергия харажатларининг юқорилиги ва Берлин ҳукуматига нисбатан ишончсизлик сайловчилар танловига таъсир қилган асосий омиллар қаторида. Шунингдек, Шарқий ва Ғарбий Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамда ижтимоий фарқлар мамлакат бирлашганидан кейин орадан кўп йиллар ўтганига қарамай тўлиқ бартараф этилмагани ҳам «Германия учун муқобил» партияси кучайиши учун замин яратмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, сайлов натижасини фақат партиянинг муваффақияти сифатида баҳолаш етарли эмас. Натижалар Германиядаги марказчи сиёсатга нисбатан ишонч пасайганини ҳам кўрсатмоқда. Заксен-Анхальтда ёшлар сонининг камайиши, даромадлар ўртасидаги тафовут ва келажакка нисбатан хавотирлар сайловчиларнинг анъанавий партиялардан узоқлашишида муҳим омил бўлган. Бироқ Партиянинг турли ёш гуруҳларида юқори натижа кўрсатиши партия фақат иқтисодий қийинчиликлар ёки ҳукуматга нисбатан норозиликнинг манзили эмаслигини ҳам кўрсатди.
Xabar.uz 2026
Telegram: https://t.me/xabaruzofficial
Twitter: / xabaruzofficial
Facebook: / xabar.uz
Instagram: / xabar.uz